Танловлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ёш олимларнинг амалий ва инновацион лойиҳалари танловини қайта эълон қилинади (53-тур)

Танловнинг асосий мақсади – ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшлар ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдан иборат.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон ҳамда “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 19 апрелдаги 222-сон қарорларида белгиланган талабларга мувофиқ қуйидаги фан йўналишлари бўйича ўтказилади:

 

Танлов шартлари

 

Танловга тақдим этиладиган амалий ва инновацион лойиҳалар қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:

лойиҳанинг барча ижрочилари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзоси бўлиши лозим (Ёшлар академиясига аъзо бўлиш учун академиянинг расмий веб-саҳифаси – yoshlarakademiyasi.uz сайтидан рўйхатдан ўтиш зарур);

лойиҳа ижрочиларининг ёши уларнинг илмий даражаси, унвони, мансаби ва иш жойидан қатъи назар 40 ёшдан ошмаслиги зарур;

илмий лойиҳа танлов мавзусига мос тарзда ишлаб чиқилиши лозим.

Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар 
grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали 2021 йилнинг 5 ноябрига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Илмий лойиҳа ҳужжатларини grant.mininnovation.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатлар асл нусхаларининг pdf/doc шакли электрон платформага юкланиши лозим:

  • ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма ҳат (.pdf);
  • ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (.pdf);
  • амалий ёки инновацион лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, .pdf ва .doc/.docx).

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиатга) йўл қўйилмаганлиги, белгиланган талаблар асосида шакллантирилганлиги, шунингдек лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижаларнинг тадқиқот дизайнига мувофиқ тўлиқ асосланганлиги ва сўралган маблағларнинг тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт
.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда илмий лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш салоҳияти, лойиҳада режалаштирилган илмий-тадқиқотларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ижрочи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Танловга тақдим этиладиган лойиҳани амалга ошириш учун сўралаётган умумий молиялаштириш ҳажмини (5-шакл) ҳисоблашда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ушбу ҳаволага жойлаштирилган ҳисоб-китоб шаклидан фойдаланиш тавсия этилади: http://grant.mininnovation.uz/site/example-docs .

Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловлар натижаларни аниқлаш бўйича интерфаол хизмат” саҳифаси, шунингдек www.mininnovation.uz веб-сайтидаги “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.

Илмий лойиҳаларни grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш хизмати: +998-71-203-32-32, +998-90-989-92-94.