Танловлар

Жаҳон банкининг “Ўзбeкистон миллий инновацион тизимини модeрнизация қилиш” лойиҳаси доирасида “Илмий тадқиқот сифатини ошириш” грант дастури бўйича лойиҳалар танлови

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги "Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш" лойиҳасининг 1-компоненти "Илмий тадқиқот сифатини ошириш ва натижаларини тижоратлаштириш" дастури доирасида лойиҳалар танловини эълон қилади.

Тадқиқот сифатини ошириш дастури доирасида илмий-тадқиқот институти ёки олий ўқув юртлари илмий ходимлари томонидан тақдим этилган тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш назарда тутилган. Тадқиқот сифатини ошириш дастури доирасида маҳаллий ва хорижий илмий ходимларнинг (шу жумладан чет элдаги ўзбек олимларининг) қўшма тадқиқот таклифларини, илмий ходимлар ва хусусий секторнинг қўшма тадқиқот таклифларини, шунингдек, мамлакатнинг келажакдаги тадқиқот салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган ёш олимларнинг таклифларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади. Танлов иккита асосий мезонга асосланган бўлади: (i) илмий аҳамиятга эга ва (ii) ижтимоий ва/ёки иқтисодий аҳамиятга эга, масалан, баъзи ижтимоий муаммоларни бартараф этиш ёки тижорий мақсадларда фойдаланишга ҳисса қўшишга қаратилган лойиҳалар.

Танлов илм-фаннинг барча соҳалари бўйича лойиҳаларни танлаб олишга қаратилган бўлиб, COVID-19, қайта тикланадиган энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва кам карбонли технологиялар билан боғлиқ тадқиқотлар бўйича таклифларни қўллаб-қувватлайди.

Тадқиқот сифатини ошириш дастури икки турдаги грантларни ўз ичига олади: ёш олимлар учун грантлар (Junior Research Grant) ва катта ёшдаги тадқиқотчилар учун грантлар (Senior Research Grant). Ёш олимлар ва катта илмий ходимлар учун грантнинг максимал миқдори мос равишда 200 000 ва 600 000 АҚШ долларини ташкил этади, грант шартномаси имзоланган санадан бошлаб 24 ойгача бўлган муддатда амалга оширилади.

Қўшма тадқиқотлар бўйича таклифлар (хусусий сектор тадқиқотчилари, халқаро тадқиқотчилар, ўзбек диаспораси олимлари ёки экспертлари иштирокида) мамнуният билан қабул қилинади.

Қўшимча маълумотлар билан "Тадқиқот сифатини ошириш" грант дастури қўлланмасида шу ерда ёки https://wbgrants.mininnovation.uz/ веб-сайтида танишишингиз мумкин.

Дастлабки аризалар (инглиз тилида) 2021 йил 25 ноябргача https://wbgrants.mininnovation.uz/ сайтида онлайн тарзда қабул қилинади.

Барча саволлар бўйича аризани топшириш муддати якунидан 5 кун аввал қуйида кўрсатилган манзил бўйича электрон мурожаат қилишингиз мумкин: munis@mininnovation.uz.

Мурожаат учун телефон: (97) 170-67-84