Танловлар

Янги истиқболли йўналишлар бўйича Стартап лойиҳалар танлови

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 9-мартдаги “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 133-сон Қарори билан тасдиқланган “Стартап” лойиҳаларни тасдиқлаш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида” Низом 7-бандига мувофиқ республика миқёсида янги истиқболли йўналишлар бўйича стартап лойиҳалар танловини эълон қилади.

Стартап лойиҳаларни қабул қилишда қўйиладиган шартлар:

  • Аризалар 1 ноябрдан 25 ноябргача қабул қилинади;
  • 1 та иштирокчи 1 та лойиҳа билан иштирок этиши;
  • Стартап лойиҳалар асосида тайёр маҳсулот, дастурий маҳсулот, хизматлар ва технологиялар яратишнинг энг кўп муддати 2 йилдан ошмаслиги лозим;
  • Стартап лойиҳа ташаббускори – стартап лойиҳа асосчиларидан бўлиши (компания бўлган тақдирда асосий улушдорлардан бўлиши).

Стартап лойиҳалар танловини ўтказиш шартлари:

  • Танловда ишлаб чиқаришга йўналтирилган кенг кўламдаги барча йўналишдаги истиқболли стартап-лойиҳаларни яратиш ва амалга оширишга қаратилган аризалар қабул қилинади. Улар инновациялар ва технологияларга асосланиши шарт;
  • Аризаларни юридик ва жисмоний шахслар тақдим этиши мумкин.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича устувор соҳалар сифатида қуйидагилар белгиланади:

  • Мис саноати;
  • Узумчилик;
  • Ипакчилик ва жун саноати;
  • Биотехнология ва тиббиёт;
  • Қайта тикланувчи энергетика;
  • Қишлоқ хўжалиги;
  • Ахборот технологиялари.

Стартап лойиҳалар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

  • Лойиҳанинг инновационлиги – республикада аввал қўлланилмаган янги технологиялар ва (ёки) жараённи ташкиллаштириш тамойилларидан фойдаланиш даражаси, бунда лойиҳа республикада аввал ишлаб чиқарилмаган янги маҳсулот (интеллектуал мулк объекти мавжуд бўлганда) ишлаб чиқариш, янги хизмат турини яратишни кўзда тутади;
  • Лойиҳанинг техник жиҳатдан мукаммаллиги, шу жумладан якунланганлик даражаси;
  • Илмий-техник ҳужжатларнинг жамланмаси – синов далолатномалари, маҳсулот намунасининг мавжудлиги (патент, кўзда тутиладиган маҳсулот (технология)нинг техник регламенти бўлиши маъқулланади);
  • Лойиҳанинг мутахассислар билан таъминланиш, илмий-техник ва ишлаб чиқариш имкониятлари – жамоанинг малакали мутахассислардан шакллантирилганлиги, керакли асбоб-ускуналар ва илмий объектлар инфратузилмаларининг мавжудлиги;
  • Лойиҳанинг инвестицион жозибадорлиги бу – қўшимча фойда келтириб, киритилган маблағлар таваккалчилигини камайтирадиган қулай инвестицион ва инновацион шарт-шароитлар мажмуидир. Лойиҳанинг инвестицион жозибадорлиги унинг мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли истиқболларига мувофиқлиги, лойиҳанинг қиймати, таваккалчиликларнинг ҳисобга олиниши, ўзини ўзи қоплаши ва рентабеллиги билан белгиланади;
  • Лойиҳанинг ўзини ўзи қоплаши (муддат);
  • Лойиҳани молиявий режалаштириш – лойиҳа молиявий таъминотининг режалаштирилаётган ишларга мувофиқлиги ва ҳаражатлар сметасининг асосланганлигидир;
  • Маркетинг режаси – лойиҳани амалга ошириш стратегияси, бозор ҳажми, мақсадли аудитория, алоқалар/сотувларнинг асосий каналлари, рақобат муҳити ва ҳ.к;
  • Лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар – ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, амалга ошириладиган тадбирларни бажариш сифати ва муддатлари, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган илмий асос талаб қиладиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш;

Танловга тақдим этиладиган лойиҳалар startup.mininnovation@gmail.com электрон почтаси орқали қабул қилинади.

Бунда қуйидаги ҳужжатлар асл нусхалари pdf шаклида электрон почтага юборилиши лозим:

  • Стартап лойиҳа муаллифи томонидан имзоланган ариза;
  • Стартап лойиҳа паспорти;
  • Харажатлар сметаси (.xls/.xlsx);
  • Стартап лойиҳа бизнес матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, .pdf ва .doc/.docx);
  • Стартап лойиҳа тақдимоти (10 слайд ) ва планшет шаклида лойиҳа мазмуни тўлиқ ёритилганлиги (5 дақиқадан ошмайдиган видео шаклида тайёрланган маълумотлар маъқулланади).

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги, шунингдек стартап лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим натижаларнинг тадқиқот дизайнига мувофиқ тўлиқ асосланганлиги ва сўралган маблағларнинг танлов шартларида келтирилган молиялаштириш ҳажмига мувофиқ тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Қўйидаги ҳолларда тақдим этилган лойиҳалар танловда иштирок этиш учун тавсия этилмаслиги мумкин:

  • Стартап лойиҳа мазмунан инновацион хусусиятга эга эмаслиги;
  • Стартап лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ёритиб берилмаганлиги;
  • Стартап лойиҳада тақдим этилган муаммонинг ечими мавжуд эмаслиги;
  • Стартап лойиҳанинг аввалги танловларда ғолиб бўлганлиги;
  • Стартап лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган грант маблағларининг бино ва транспорт воситаларини ҳарид қилиш ва таъмирлаш ишларига сарфлаш режалаштирилганлиги.

Тақдим этилган стартап лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан стартап лойиҳаларнинг натижадорлиги, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига стартап лойиҳа раҳбарлари, мазкур лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Танлов натижалари бўйича барча янгиликлар билан Вазирлик сайти орқали танишиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлов ғолиблари борасидаги қарори қатъий ва қайта кўриб чиқилмайди!

Стартап лойиҳаларни электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш хизмати: 998-71-203-32-23 (ички рақам: 216)