Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологияларни трансфер қилиш бошқармаси


Бабаханов Джамолиддин Яндирович

Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологияларни трансфер қилиш бошқармаси бошлиғи

+998 (71) 203-32-23

Ички рақам: 510

wiut@inbox.ru

Бабаханов Джамолиддин Яндирович 1983 йили Тошкент шаҳрида  туғилган.   

2002-2006 йиллар давомида Тошкентдаги Халқаро Весминистер Университетида бакалавр ҳамда 2007-2009 йиллар давомида Тошкент Молия ва Техас A&M институти халқаро молия мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Меҳнат фаолияти:

2007-2014 йй. – Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги қошидаги “Ўзбекэкспертиза”. ОАЖ, етакчи мутахассис

2018 й. – ҳ.в –  Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологияларни трансфер қилиш бошқармаси – бошқарма бошлиғи.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.09.2018 йилдаги ПФ-5544-сон Фармон 15-банди, 17.01.2019 йилдаги ПФ-5635-сон Фармон 227-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ПҚ-3855-сон Қарор 10-бандига асосан Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришни жадаллаштириш ва тизимли йўлга қўйиш мақсадида Фанлар академиясининг илмий тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, мустақил ихтирочиларнинг таклифлари асосида 447 та инновацион ишланмалардан иборат маълумотлар базасини яратилишини таъминлади. Ушбу маълумотлар базаси “буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” узлуксиз занжиридан иборат махсус портал яратилди ва вазирлик вэб сайтига интеграция қилинди.

Д.Бабаханов бошчилигида сув ресурслари мақсадсиз сарф бўлишининг олдини олиш ҳамда сув қувурларининг таъмирлаш ишлари учун сарфланадиган бюджет маблағларини тежаш мақсадида Исроил давлатининг Maya International компанияси билан ҳамкорликда шаҳар магистрал қувур тизимларини ерни ковламасдан туриб янги авлод полимер ёрдамида таъмирлаш имкониятини берадиган инновацион технологияси трансфер қилиниб, лойиҳа доирасида 2020 йилда 1 млн. АҚШ доллари, 2024 йилга қадар 5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинади.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Польшанинг “NOVOL ASIA” қўшма корхонаси ўртасида имзоланган англашув меморандуми доирасида Ўзбекистонда илк маротаба импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган полиэфир шпатлёвка ва полиэфир елим (мармар, гранит ва бошқа тошлар учун махсус елим) ишлаб чиқариш бўйича умумий ҳажми 1,5 млн. АҚШ долларига тенг технологиялар трансфери муваффақиятли амалга оширилишида ташаббускор.

Словакиянинг “Chirana Stara Turu.” компанияси ва Россиянинг “Shimco group” холдинг компанияси билан биргаликда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилмоқда. ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида бошланади. Тошкентнинг Бектемир туманида ишлаб чиқариш участкаси қурилишини якунлаш эса жорий йилнинг сентябрь ойига қадар режалаштирилмоқда ва завод ишга туширилади. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг биринчи босқичида 3 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва 30 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Иккинчи босқичида эса 6 млн. АҚШ долларгача инвестициялар ва 100 тагача иш ўринлари очилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Жаҳон банкининг узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағларини жалб қилиш юзасидан “Илм-фанни тижоратлаштириш” лойиҳасини амалга ошириш ишларини йўлга қўйди. Лойиҳа учун ажратиладиган маблағ – умумий қиймати 50,0 млн. АҚШ доллари, шундан лойиҳани тайёрлаш, амалга ошириш гуруҳини тузиш ва консалтинг хизматларини жалб қилиш учун 1,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги аванс маблағлари жалб қилинишида фаол иштирок этиб келмоқда.

Бошқарманинг ташкил топиш тарихи

Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологияларни трансфер қилиш бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 августдаги ПҚ-3899-сон қарори билан ташкил этилган Илмий ишланмалар ва технологияларни тижоратлаштириш ва трансфер қилиш бошқармаси негизида 2021 йилнинг 1 апрелидаги ПҚ-5047-сон қарори асосида қайта ташкил қилинди.

Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорида келтирилган 43 та инновацион ишланмалар ва интеллектуал фаолият натижалари, жумладан патентланган интеллектуал мулк объектлари (патентлар)ни тижоратлаштириш бўйича тегишли ишлар олиб борилди. 2018-2020 йилларда ушбу ишланмалардан 19 таси тижоратлаштирилди, жами тижоратлаштирилган инновацион ишланмалар ва интеллектуал мулк объектлари (кейинги ўринларда – ишланмалар)нинг сони 150 тани ташкил этди.

Ишланмаларни тижоратлаштириш қуйидаги асосий усуллар билан амалга оширилмоқда: 1) илмий фаолият натижаларини қўллаган ҳолда яратилган товарларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилиш; 2) таъсисчиси ёки таъсисчиларидан бири устав жамғармасига улуш сифатида ишланмани киритган тижорат ташкилотларини ташкил этиш; 3) интеллектуал мулк объектларига бўлган мулк ҳуқуқларини учинчи шахсларга мазкур объектлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни тижоратлаштириш шарти билан роялти ажратмаларига асосланган лицензия шартномаларини тузиш йўли билан бериш.

2021 йилнинг I-ярим йиллигида жами 153 та ишланмалар тижоратлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарори ижроси юзасидан илмий ва инновацион ишланмаларни саралаш, уларни тижоратлаштириш учун инвесторларни кенг жалб этиш мақсадида “буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” портали ишга туширилиб, унда 600 дан ортиқ ишланмалар ва 200 га яқин муаммолар рўйхатга олинди.

2021 йилда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан хўжалик бошқаруви органлари, тармоқ ташкилотлари ва ҳудудлар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмаларни тижоратлаштириш Форумининг биринчи (баҳорги) босқичи ўтказилди. Форум ишида 1000 га яқин ташриф буюрувчилар иштирок этди.

Жумладан, 9 та вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ҳамда вазирликлар ва тармоқ ташкилотлари, уларнинг тизимига кирувчи илмий-тадқиқот ташкилотлардан 300 га яқин, олий таълим муассасаларидан 200 дан ортиқ ва Фанлар академиясидан 100 дан ортиқ вакиллар иштирок этди.

Ҳудуд иқтисодиётида мавжуд муаммолар ечимига қаратилган тайёр илмий ишланмалар ва интеллектуал мулк объектларини жорий қилиш, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда янги тадқиқот ишларини ташкил қилиш бўйича 15,6 млрд. сўмлик 36 та шартомалар имзоланди. Тармоқ ва истеъмолчи ташкилотлар ҳамда олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ўртасида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, янги буюртмалар бериш, соҳага инновацияларни жорий қилишни молиялаштириш мақсадида 4,66 млрд. сўмлик 12 та шартомалар имзоланди.

Жорий йилнинг 1-ярмида инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришга йўналтирилган ҳамда тижоратлаштиришгача тайёрлаш мақсадида 45,1 млрд. сўмга тенг 75 та лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилди. Шундан 18 та лойиҳага тармоқ ва хусусий секторнинг 4 млрд. сўмга тенг маблағлари ҳам жалб қилинди.

Технологиялар трансфери

Мамлакат иқтисодиётига илмий ҳажмдор янги технологияларни тезкор жорий қилиш, дунёдаги илғор технологияларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларига татбиқ этиш мақсадида тегишли вазирлик ва тармоқ ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда бир қатор хорижий технологиялар трансфери амалиётга киритилди.

Мазкур технологияларни трансфер қилиш натижасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида мавжуд муаммоларни ечишга, ресурс (сув, энергия каби)ларни тежашга, ишончлилик ва самарадорликни оширишга, аҳолига бир қатор қулайликлар яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга, замонавий хизматларни йўлга қўйишга эришилди. Жумладан:

  • Исроилнинг “Maya International” компанияси билан ҳамкорликда уй-жой коммунал соҳасида технологиялар трансфери амалга оширилган. Мазкур технология сунъий йўлдошдан юборилган тўлқин ёрдамида ичимлик сув қувурларидаги ер ости кўринмас носозликларнинг жойини йўл қопламасини бузмасдан аниқ белгилаш ва қисқа вақтда бартараф этиш имконини бермоқда.

Натижада, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ томонидан берилган буюртмага биноан 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра Тошкент шаҳрида 1461 та носозликлар кўрсатилган ва 1428 та носозликлар “Шахар сув таъминоти” корхонаси томонидан бартараф этилди. Бартараф этилган носозликлар натижасида 25 млн м3 сув ер остига оқиб кетиши ва исроф бўлиши олди олиниб, 15 млрд сўм тежаб қолинди. Корхона мутахассислари Исроил давлати мутахассислари томонидан келтирилган махсус ускуналар билан ишлаш методика (ноу-хау)лари ва кўникмаларини ўзлаштириб олдилар.

Ҳозирда бу технологияни Республиканинг бошқа шаҳар ва туманларига ҳам жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Maya International” компанияси билан ҳамкорликда сув таъминоти соҳасида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор янги технологияларни ҳам жорий қилиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда;

  • Вазирлик ва Чирана Азия” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасининг таъсисчиси “Shimсo Group” компанияси билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми натижасида хорижий технология ва илм-фан ютуқларини тиббиёт соҳасини ривожлантириш жараёнларга жалб қилинди. Технологиялар трансферини амалга ошириш натижасида йилига 500 дона ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати (ИВЛ) ва 200 дона наркоз-нафас олиш аппарати (НДА) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари ташкил этилди. Эндиликда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида пандемия даврида зарур бўлган ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати, наркоз-нафас олиш аппарати ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бошланди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш маркази яратилиб, ИВЛ ва НДА қурилмалари учун мобил ва замонавий сервис хизмати ташкил этилди.

Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиш мумкинки, ИВЛ аппаратлари дунё бўйича 12 мамлакатда ишлаб чиқарилади. “Чирана” компаниясининг аппаратлари дунёнинг машҳур брендлари «Драгер» (Германия), Гамильтон (Швейцария) қаторидан ўрин эгаллаб, бошқа компания моделларидан фарқли равишда бир ва икки босқичли эмас, уч босқичли вентиляцияни амалга оширади.

Ишлаб чиқилаётган ИВЛга тегишли сертификат ва рухсатномалар олинди. Корхонада тайёрланган биринчи ИВЛ қурилмаси Тошкент шаҳар 1-клиник шифохонасига беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган. Амалиётчи реаниматологлар томонидан корхонада ишлаб чиқарилаётган асбоб-ускуналарга юқори баҳо берилди.

Польшанинг “NOVOL ASIA” компанияси 1,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган қурилиш ва автосаноат соҳасида технологиялар трансфери амалга оширилди. Натижада, 500 минг АҚШ долларига тенг импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Ёшларни илм-фан ва инновация жараёнларига жалб қилиш

Ёшларга инновацион тадбиркорлик кўникмаларини ва иновацион экотизим асослари бўйича таълими бериш орқали инновацион фикрлаш ва таваккалчилик маданиятини ривожлантириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан 2019 йил Инновик-2019 доирасида 15 ёшгача бўлган болалар онгида илм-фан ва инновациялар маданиятини сингдириш, инновацион қобилиятни ошириш ҳамда математика-мнемотехника, кимё-биология, физика ва геология каби фанлар бўйича кўникмаларини ривожлантириш мақсадида “Science for kids” платформаси ташкил этилди. Тошкент шаҳри ва Республика ҳудудларидаги болалар учун “Science for kids” платформаси доирасида қизиқарли ва амалий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Давлат бошқаруви органларида инновацияларни жорий этиш - Chief Innovation Officer (CIO)

2019 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)нинг Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича ва келажак вазирлиги иштирокида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат органи вакиллари учун “Инновация бошқаруви” бўйича семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида БААнинг молиявий ва техник ёрдамини жалб этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 24 июндаги 5480-сон фармойишининг 2-иловаcи “Инновация” қисмининг 2-кичик бандида давлат бошқаруви органларида инновацияларни жорий этиш буйича Chief Innovation Officer - CIO масъул ходим тайинлаш белгиланган.

Олиб борилган тадбирлар натижасида 69 та вазирлик ва идораларнинг ички буйруқлари асосида Chief Innovation Officer масъул ходимлари тайинланишига эришилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан олиб борилган ишлар натижаларига кўра, 51 та ташкилотдаги инновацияларни жорий қилиш учун тайинланган маъсул Chief Innovation Officer тажриба алмашиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларидаги 109 та ижтимоий, иқтисодий, молиявий, саноат, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги ташкилотларда тажриба алмашишга қизиқиш билдирган.