Янгиликлар

101 нафар ёш олим хорижий давлатларга стажировка ўташ учун юборилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича ўтказилган иккинчи босқич саралаш танловлар натижаларини эълон қилади

“Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисида” Низомга ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Махсус эксперт гуруҳининг  ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгашининг тегишли қарорларига асосан:

1-иловага мувофиқ стажировкага юбориш мақсадида 101 нафар номзоднинг танлов ғолиблари сифатида йиғма рўйхати тасдиқланди;

2-иловага мувофиқ 63 нафар стажировкага юбориш рад этилган номзодлар йиғма рўйхати маъқулланди;

3-иловага мувофиқ стажировкага юбориш мақсадида ўтказилган иккинчи босқич саралаш танловда иштирок этмаган 24 нафар номзодларга Махсус эксперт гуруҳининг 2021 йилда режалаштирилган йиғилишларида стажировка дастури тақдимот ҳимоясини ўтказишга имконият (рухсат) берилди.

Шу билан бирга, қисқа муддатли илмий стажировкага юборишни мувофиқлаштириш юзасидан Махсус эксперт гуруҳи томонидан қуйидаги таклиф ва хулосалар берилди.

Шу жумладан,

  1. Саралаш жараёнида стажировкага бориш муддати ўтиб кетган ғолиб номзодларни тавсия қилган илмий ёки олий таълим ташкилоти янги муддатлар белгиланган қўшимча таклифнома ва стажировка даврида амалга ошириладиган ишлар дастурини (агар муддатлар кўрсатилган бўлса) Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этишига имконият берилди.

Бунда, мазкур ҳужжатлар илмий ёки олий таълим ташкилоти томонидан натижалар эълон қилингандан сўнг 6 ойлик муддатда вазирликка тақдим этилмаган ҳолларда стажировка ўташга юбориш рад этилган ҳисобланади.

Шунингдек, номзодлар томонидан режалаштирилган стажировканинг давомийлик муддати Махсус эксперт гуруҳида тасдиқланган стажировка муддатидан ошмаслиги шарт.

  1. Ғолиб номзодларни стажировка ўташи учун талаб этиладиган маблағлари натижалар эълон қилингандан сўнг, стажировкага юбориш олдидан Инновацион ривожланиш вазирининг буйруғига мувофиқ тасдиқланадиган жорий нарҳлардаги (транспорт, яшаш, овқатланиш ва бошқа) ҳаражатлар сметаси асосида белгиланади.
  2. Илмий ва олий таълим ташкилотлари саралаш танловларга рўйхат шакллантиришдан олдин номзодларнинг хорижий тилларни стажировкани амалга ошириш учун етарли даражада билиши ва қўллай олишини аниқлаш мақсадида улар билан суҳбатлар ўтказишни ташкил этиши зарур.
  3. Номзодлар стажировка учун талаб этиладиган маблағлардан яшаш харажатларини белгилашда “Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга (АВда 19.01.2015й, 2730-сон билан рўйхатга олинган) мувофиқ белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаган ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар асосида иқтисодий тежамкорлиги ва стажировка учун муайян афзалликларга (масофаси яқинлиги, қулай транспорт қатнови ёки/ва шу кабилар) эгалиги бўйича (асосланган таклифлар асосида) белгиланилишига алоҳида эътибор қаратилиши зарур.

Маълумот ўрнида: ғолиб номзодлар стажировкага бориш учун тегишли маълумот (ҳужжат)ларни фаолият юритаётган иш жойидан кузатув хати билан камида бир ой олдин Вазирликка тақдим этишлари зарур.