Янгиликлар

TechnoWays технологик марафони ғолиблари аниқланди

 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси томонидан ташкил этилган «TechnoWays» технологик ривожланиш марафонининг республика босқичи ғолиблари эълон қилинди.

15-24 ноябрь кунлари бўлиб ўтган марафонда Республика миқёсида ўрин олган барча олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари, кўнгилли ёшлари, ОAВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Aксарият ёшларимизнинг илмий лойиҳа ва инновацион ишланмалари бор, лекин уларни амалиётга жорий этиш ҳамда тижоратлаштириш бўйича етарли тушунча ва кўникмалар етарли эмас. TechnoWays» технологик ривожланиш марафони турли соҳалардаги реал муаммоларнинг ечимини топиш, инновацион, технологик, илмий билимларини ошириш ва стартап лойиҳаларини излаб топишда амалий кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.

Технологик ривожланиш марафони давомида иштирокчилар  тажрибали спикерларнинг маъруза ва тренингларида қатнашдилар. Спикерлар томонидан ғояни стартапгача шакллантириш бўйича маҳорат дарслари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси ходимлари марафонда ёшларга менторлик қилишди.

«TechnoWays» технологик ривожланиш марафонининг республика босқичида иштирок этиш учун 300 га яқин иштирокчилар рўйхатдан ўтди. Мутахассислар томонидан қатнашчиларнинг лойиҳалари сараланиб, 8 нафар жамоа ғолиб деб топилди.

Қуйидаги лойиҳалар муаллифлари ғолибликни қўлга киритдилар:

  1. Трансформаторларни ёнғиндан ҳимоялаш қурилмаси.
  2. Масофадан бошқариладиган мини-танк қурилмаси.
  3. VR Камончи cимуляция дастури.
  4. Fazo AI лойиҳаси.
  5. MedSkin.
  6. Immuno Tea лойиҳаси.
  7. Water solution лойиҳаси.
  8. Healthy progeny лойиҳаси.

Ғолибларнинг ҳар бири 15 млн сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

«TechnoWays» технологик ривожланиш марафонининг республика босқичида иштирок этган 2 нафар энг яхши иштирокчига (лойиҳага эмас) тадбир бош ҳомийси «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston» компанияси томонидан Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган EXPO 2020га йўлланма тақдим этилди:

  1. Асадбек Ўрунов
  2. Акбарали Турдиев

«TechnoWays» технологик ривожланиш марафони ғолибларини табриклаймиз!