Янгиликлар

Сунъий интеллектга бағишланган халқаро конференция ўтказилди

24 ноябрь куни «InnoWeek.Uz-2021» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида «Сунъий интеллект - технологик ривожланиш асоси» мавзусида Халқаро конференцияси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шаҳло Турдиқулова иштирок этди. Конференция гибрид (онлайн ва офлайн) шаклда ташкил этилди.

Қайд этилишича, айрим соҳаларда инсон омили минимал даражада камайиб, турли амалларни бажаришга мўлжалланган алгоритм ҳамда дастурий тизимлардан иборат бўлган сунъий интеллект инсон бажариши мумкин бўлган бир қанча вазифаларни бажармоқда. Буни илм-фаннинг энг йирик ютуқларидан бири, келажак технологияларининг янги эрасини бошланиши десак асло муболаға бўлмайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилаб берилган узоқ муддатли стратегиялар қабул қилиниб, изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

«Сунъий интеллектни ривожлантириш бир неча лойиҳани амалга ошириш билан тугаб қолмайди. Олдимизда энг асосий вазифа – сунъий интеллектни ривожланиши учун зарур инфратузилма, билим ва инсон капиталини шакллантириш лозим», деди Шаҳло Турдиқулова.

Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан: сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қўшма альянс доирасида умумий қиймати 30,039 млрд. сўм бўлган, давомийлиги 2021–2024 йилларга мўлжалланган жами 16 та амалий, инновацион, фундаментал ва халқаро лойиҳа амалга оширилмоқда. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим йўналиши очилди.

2022 йилда ташкил этиладиган “Urban.Tech Uzbekistan” хакатон мусобақасининг 2-мавсумида йўналишлар масаласи ечимига Сунъий интеллектни қўллаш бўйича лойиҳалар ҳам амалга ошириш режалаштирилган.

Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёргарлик индексида (Government Artificial Intelligence Readiness Index) республика позициясини яхшилаш чораларини кўриш юзасидан ўрганилган хорижий тажриба асосида сунъий интеллектга тайёргарлик индексида ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект йўналиши бўйича саралаб олинган 10 нафар ёш олимлар 2021-2022 йилларда етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилади.

Инновацион фаолиятни рақамли трансформация қилиш, инновацион фаолиятни рақамлаштириш борасида 5 та ахборот тизими (grant.mininnovation.uz, phd.mininnovation.uz, ias.gov.uz, uzmip.uz, portal.spcenter.uz) тизимлари жорий этилди.