Янгиликлар

Водород энергетикаси ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди

"InnoWeek.Uz-2021" Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида «Ўзбекистон Республикасида водород энергетикаси, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда энергия самарадорликни ривожлантириш истиқболлари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда  қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, «яшил» водород технологияларини ривожлантириш соҳаларида маҳаллий ва халқаро даражадаги амалиётчи-мутахассислар ва тадқиқотчи-олимлар ўз маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этдилар. 

Хусусан, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE), Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), USAIDнинг “Power the Future” минтақавий дастури, Россиянинг Энергетика муаммолари институти, Франциянинг Экс-Марсел университети, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти, Хитой Фан ва технология университети олимлари ва экспертлари қатнашдилар.

Конференция давомида мамлакатда водород энергетикаси технологияларини ривожлантиришга оид бажарилаётган тадқиқотлар натижалари ва жорий ишларга бағишланган Ўзбекистон Республикасида водород энергетикасининг ривожланиши ҳолати бўйича йиллик ҳисобот тақдимоти ўтказилди. тақдимотда водород технологияларини ривожлантиришга оид бир қатор тадқиқот режалари ҳақида тўхталиб ўтилди. Жумладан,  водородни сақлаш учун мўлжалланган ғовакли материалларни, металгидридларни ишлаб чиқариш, водород ёқилғи элементларини такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар ҳамда водород технологиялари соҳасига оид лаборатория ускуналарини харидига молиявий маблағ ажратилиши тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.

Ҳозирда водород энергетикасига муқобил энергия манбаси сифатида ривожланган мамлакатларга тобора катта эътибор берила бошланди. Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан қабул қилинган Водород стратегиясига кўра, 2024 йилгача 6 ГВт дан кам бўлмаган водороддан энергия олиш қувватларини ишга тушириш ҳамда 1 млн. тонна водород олиш, 2030 йилга келиб, бу кўрсаткични 10 млн. тоннага етказиш мақсад қилиб олинган.

Шунингдек, Bloomberg прогнозларига кўра, 2045 йилга келиб бутунжаҳон энергетикасида водород ёқилғисининг улуши 24% га етади, водород нархи табиий газнинг бугунги нархигача пасаяди, водород соҳасига киритиладиган инвестициялар миқдори 11 трлн. АҚШ долларига етади, водород савдосининг йиллик ҳажми 700 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки,  юртимизда қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини жадаллик билан амалга ошириш талаб этилади ва 2030 йилга келиб ишлаб чиқиладиган электр энергиясининг умумий ҳажмидаги қайта тикланувчи энергетиканинг улушини 13,8 % га етказиш белгиланган. Қуёш ва шамол энергиясининг асосий камчилиги – бу унинг ўзгарувчанлиги, яъни шамол тўхтаганида ёки кун ботганида энергия ишлаб чиқарилиши кескин тўхтайди ва энергетика тизимда ушбу камайган миқдорни бошқа манбадан тезкор қоплаш зарурати юзага келади. Ушбу манба сифатида водород газининг истиқболлари юқори баҳоланмоқда. 

Шу муносабат билан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан устувор йўналиш сифатида «яшил» водород бўйича қатор амалий ишлар йўлга қўйилди. Умумий қиймати 5,9 млрд. сўмлик соҳага оид 4 та лойиҳа бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.