Янгиликлар

Россия Федерацияси бош давлат санитария шифокори Анна Попова Тошкентдаги Илғор технологиялар маркази фаолияти билан танишди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати раҳбари, Россия Федерацияси бош давлат санитария шифокори Анна Попова Россия Федерацияси делегацияси таркибида Тошкентга келди.

26 ноябрь кунги ташриф давомида федерал хизмат вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази фаолияти билан танишди.

– Россиянинг Россия Федерацияси бош давлат санитария шифокори Анна Попова бошчилигидаги делегация вакиллари Илғор технологиялар марказининг лаборатория бинолари билан танишиб, инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова билан суҳбатлашди, – дейди Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари, биология фанлари доктори, профессор Алишер Абдуллаев. – Хусусан, Ўзбекистонда коронавирус геноми қандай босқичда ўрганилаётгани, SARS-CoV-2 нинг турли хил штаммлари, шунингдек COVID-19нинг янги штаммлари қандай аниқланаётгани ҳақида сўз юритилди. Коронавирус геномини ўрганиш жараёнида олинган генетик маълумотларни биргаликда таҳлил қилиш ва тажриба алмашиш мақсадида ушбу йўналишда иш олиб борувчи Россия муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга марказда илк бор 2020 йилда коронавирус штаммларини аниқлаш ишлари олиб борилгани, 2021 йилда эса ишлар давом эттирилгани таъкидланди.

Шундай қилиб, 2021 йилнинг боши ва биринчи чорагида коронавируснинг «Альфа» штамми тарқалиши кузатилган бўлса, шу йилнинг иккинчи ярмида «Дельта» штамми кенг тарқалди.

Ҳозирга келиб эса илгари қайд этилмаган янги мутациялар аниқланмоқда, бу босқичда маълумотлар умумлаштирилади ва уларнинг биоинформатик таҳлили, шунингдек, тадқиқот натижалари нашрга тайёрланади.

Мутахассиснинг фикрича, Ўзбекистонда COVID-19 нинг тўртта штамми мавжуд. Уларнинг биттаси «асл» Ухан штаммига яқин, у коронавирусга чалинганларнинг тахминан 1 фоизида аниқланган. «20А» штамми эса 7 ҳолатда кузатилмоқда. Шунингдек яна бир тури «Альфа» ёки Британия штамми деб аталади, у эса тахминан ўн фоизда қайд этилган. Шу билан бирга беморларнинг 82 фоиздан ортиғи - Дельта штамми (Ҳинд версияси) билан зарарланган.

Хабарингиз бор, пандемия даврида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати Ўзбекистонга 140 мингта тест тўпламларини тақдим этган эди. Бу эса Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини ўз вақтида аниқлаш ва тарқалишининг олдини олиш имконини берган.

Шунингдек, ўзбекистонлик ҳамкасбларига пандемияга қарши курашда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш учун россиялик етакчи мутахассислар юборилганди.

Жорий йилнинг март ойида Анна Поповага «Меҳр-саховат» кўкрак нишони топширилган эди.